909, 2021

НЕКОТОРЫЕ ВОПРОСЫ КВАЛИФИКАЦИИ ХУЛИГАНСТВА

Categories: Актуальные проблемы гуманитарных наук, Юридические науки|Tags: , , , , , |

Автор(ы): Дилноза КАРАКЕТОВА

В статье исследуются криминальные и криминологические аспекты хулиганства и вырабатываются соответствующие предложения, рекомендации и выводы в этой области.

Дунёда жамоат тартибига, жамоат хавфсизлигига тажовуз қилувчи жиноятларга қарши курашиш глобал аҳамият касб этмоқда, чунки безорилик умумий жиноятчиликнинг 22% ни ташкил қилиб, ҳар йили 9% га ошиб бормоқда[1]. 2019 йил якунлари бўйича БМТнинг Global Study on Children Deprived of Liberty маърузасида келтирилган статистикага кўра, безорилик мотиви билан содир этилган жиноятлар 37% ни ташкил қилган. Халқаро ҳужжатларда, қонунда жиноят учун жавобгарликни тўғри ифодалаш, қонунни қўллаш амалиётини имкон қадар қулайлаштириш мақсадида қонунчиликни қайта кўриб чиқилишига эътибор қаратилмоқда[2]. Юқоридагилар жиноят қонунчилигини ислоҳ қилиш, безорилик учун жавобгарлик белгиланган ЖК нормаларини тўғри қўллаш, қилмишни аниқ квалификация қилиш ва адолатли жазо тайинланишини таъминлаш устувор вазифалар эканлигидан далолат беради.

Жаҳонда безорилик оқибатида содир этилган жиноятларга қаршилик кўрсатишнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик чоралари; жамоат тартибини сақлаш тизими тушунчаси, мазмуни ва моҳияти; маъмурий ва жиноий безориликни фарқлаш; безориликни, безорилик оқибатида баданга оғир шикаст етказишни квалификация қилиш; жамоат тартибини муҳофаза қилувчи ижтимоий муносабатларни жиноят-ҳуқуқий муҳофаза қилиш; безорилик ва безорилик оқибатида содир этилган жиноятларнинг криминологик жиҳатларини илмий ва амалий нуқтаи назардан тадқиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, жиноят қонунчилигини ислоҳ қилиш, ЖКнинг жамоат тартибини муҳофаза қилувчи нормаларини қўллаш амалиётини яхшилаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд фаолиятини яхшилаш, одиллик, инсонпарварлик тамойилларига риоя этилишини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш»[3] мамлакат жиноят қонунчилигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланганлиги, ушбу соҳани тадқиқ этиш зарурати мавжудлигини кўрсатади.

Безорилик айнан жамоат тартибини бузиш, жиноят қонуни нормаларини инкор қилиш, уларга қарши чиқишда ифодаланувчи ҳуқуққа хилоф қилмишдир. Жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланган шахсга, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига тажовуз қилиш жиноят қонуни билан таъқиқланган. Шундай экан, безориликка жамиятга зид ҳодиса сифатида умумий таъриф беришда юқоридаги фикрларни эътиборга олиш зарур бўлади.

Безорилик шахс ёки бир гуруҳ шахсларнинг бошқа шахсга нисбатан зўрлик ишлатиши, ахлоқсиз ҳаракатлар қилишида ифодаланувчи агрессив хулқ-атвори бўлиб, жамоат тартиби тушунчасини ифодаловчи жамият томонидан эътироф этилган ахлоқ нормаларини инкор этадиган ва уларни бузадиган, давлат томонидан жазо қўллаш таҳдиди билан таъқиқланган, давлат, жамият ва шахсга зарар етказувчи қилмишдир.

Безорилик ҳуқуққа хилоф қилмиш сифатида аввало давлат ва жамият манфаатларига зид ҳаракат бўлиб, аниқ шахсга қаратилмайди. Сабаби шахснинг шаъни ва қадр-қиммати, соғлиғи ва ҳаёти жиноят қонунининг бошқа нормалари билан муҳофаза этилади. Безориликнинг ўзига хослиги унинг жамоат тартибига хавф солишида ифодаланади. Бундан келиб чиқиб безорилик тушунчасига айрим аниқликлар киритилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, жиноятнинг “ижтимоий хавфлилик” белгиси қилмиш оқибатида ижтимоий муносабатларга жиддий, кўп ҳолларда қайта тиклаб бўлмайдиган даражада зарар етказилишини англатади. “Мазкур жиноятларнинг ушбу тушунчаларга салбий таъсир қилиш механизмини ёритмай, қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларга етказиладиган зарарнинг моҳиятини аниқламасдан, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги жиноятларнинг ижтимоий хавфлилиги мазмунини аниқлашнинг имкони бўлмайди”[4].

Ахлоқ қоидалари ва жиноят-ҳуқуқий таъқиқнинг юридик кучи турли даражада эканлиги боис уларни солиштириб бўлмайди, айнан жамоат тартибини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш жамият(аъзолари)нинг давлатга бўлган ишончи билан белгиланади.  Ҳуқуқий демократик давлатда жамоат тартиби, адолат, ишончнинг таъминланиши одоб-ахлоқ, одат нормаларнинг юзага келиши ва мавжуд бўлиши учун мақбул ташқи шароит сифатида намоён бўлади. Демак, жиноят-ҳуқуқий нормалар жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ нормаларини муҳофаза қилиш орқали фуқароларда адолатга  ишончни мустаҳкамлайди.

Шундай экан, безориликнинг жиноят ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини ўрганиш асосида унинг олдини олиш масаласи долзарб ҳисобланади. Агар сўнгги йиллардаги безориликка оид статистикага мурожаат қилсак, мазкур қилмиш 2017 йилда 2016 йилга нисбатан 37,96%, 2018 йилда 42%га камайган, 2019 йилда 6,6%га, 2020 йилнинг олти ойида аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 152,3%га кўпайган. Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, безорилик жинояти кейинги икки йилда кескин ортган.

Безориликнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларининг назарий, ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этиш натижасида қуйидаги таклиф, тавсия ва хулосалар ишлаб чиқилган:

  1. Жиноят ҳуқуқи назариясини ривожлантириш бўйича тавсиялар:
  2. Безорилик учун жавобгарлик белгиланган қонун нормалари ривожланиши тарихининг ҳар қандай босқичида унинг ижтимоий хавфлилиги жиноятчи томонидан жамоат тартиби, жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ нормаларига тажовуз қилиш деб баҳоланган. Жиноят қонунчилигининг ривожланиб бориши билан безорилик оқибатида содир этиладиган айрим жиноятлар учун жавобгарлик оғирлаштирилиб, квалификациявий ҳолат сифатида қонун нормаларига киритилган.
  3. Безориликка жамоат тартибини қасддан бузиш, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, дўппослаш, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча миқдорда зарар етказиш, деган таъриф берилган.
  4. Безорилик мотивини ҳеч қандай ташқи сабабларсиз ёки арзимаган сабаб туфайли айбдорнинг умум томонидан эътироф этилган қоидаларга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига беписандлигини намойиш қилишга ундовчи ҳис-туйғу (хоҳиш, истак), деб таърифлаш мумкин.
  5. Европанинг қатор давлатлари ЖКда жамоат тартибига қарши жиноятларнинг қиёсий-ҳуқуқий таҳлили қуйидаги хулосаларга келиши имконини берди:

1) уларнинг бирортасида безорилик мустақил жиноят таркиби сифатида назарда тутилмагани;

2) жамоат тартибига қарши жиноятларнинг асосий бевосита объекти жамоат тартиби ва тинчлигини таъминловчи ижтимоий муносабатлардир;

3) жамоат тартибини муҳофаза қилувчи нормаларда назарда тутилган:

а) зўрлик ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (Испания, Швейцария, ГФР, Голландия ЖКлари);

б) мулкни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш (Испания, Швейцария, ГФР, Австрия, Голландия ЖКлари);

в) бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши (Испания, Швейцария, ГФР, Австрия, Франция);

г) ошкоралик хусусиятига эга ҳаракатлар (Испания, Швейцария, ГФР, Франция ЖКлари);

д) қурол ишлатиш (ГФР, Франция ЖКлари);

Бу жиноятларнинг жавобгарликни оғирлаштирувчи белгилари сифатида қуйидагилар назарда тутилган:

а) баданга шикаст етказиш (Испания, Австрия, ГФР, Голландия ЖКлари);

б) бошқалар ўлимига сабаб бўлиш (ГФР, Австрия, Голландия).

4) Швейцария ва ГФР жиноят қонунларида безорилик нияти қасддан одам ўлдиришда ҳисобга олинган, бошқа жиноят таркибларида бу белгига эътибор берилмаган;

5) ўрганилган давлатлар жиноят қонунчилигида жамоат тартибига қарши жиноят таркиби белгиларини ифодалашда қоида тариқасида объектив белгилар ишлатилган, баъзи ҳолларда баҳоланувчи тушунчалар ҳам мавжуддир.

  1. Хавфсизлик деганда, давлат, жамият ва шахснинг ҳаёти учун муҳим бўлган манфаатларнинг ички ва ташқи хавфлардан ҳимояланганлиги тушунилиши лозим. Шахс ва жамият хавфсизлигини ифодаловчи жамоат хавфсизлиги бир бутун давлат хавфсизлигининг алоҳида қисмини ташкил қилади.
  2. Қатор хорижий давлатлар Белорусь (ЖК 339), Қозоғистон(ЖК 275), Украина (ЖК 296), Тожикистон (ЖК 237), Россия (ЖК 213), Грузия (ЖК 239) жиноят қонунчилигида айнан “жамоат тартиби” атамаси қўлланилганлиги тўғри ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 277-моддасидаги “жамиятда юриш туриш қоидалари” деган жумла ўрнига “жамоат тартиби” деган жумланинг киритилиши жиноятнинг асосий-бевосита объектини тўғри белгилаш ва жавобгарлик масаласини тўғри ҳал қилиниши нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқ.
  3. Безорилик кўп объектли жиноят эканлиги боис унинг содир этилишида жамоат тартибининг бузилиши зарурий белги ҳисобланиши, жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар безориликнинг асосий-бевосита объекти; шахснинг соғлиғи, жисмоний дахлсизлиги, мулкий ҳуқуқлари, жамоат хавфсизлиги, бошқарув тартиби қўшимча-бевосита объекти ҳисобланади.
  4. Безорилик муқобил таркибли жиноятлар қаторига киради. Жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик уриш-дўппослаш ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда содир этилганда, жиноят натижасида оқибат келиб чиқиши талаб этилмайди. Жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик баданга енгил шикаст етказиш, мулкни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш каби оқибатларга сабаб бўлган безорилик моддий таркибли ҳисобланади.
  5. ЖК 277-м. 1-қ.даги “уриш-дўппослаш” ўрнига “дўппослаш”ни қолдириш мақсадга мувофиқдир. Бу биринчи навбатда, ЖК ўзбек ва рус тилларидаги матнини бир хилда ифодаланишини таъминлаши (ЖК рус тилидаги матнида “уриш-дўппослаш” эмас, “побои”, яъни “дўппослаш” деб берилган); иккинчидан, “баданга шикаст етказилишига сабаб бўлмаган уриш”нинг майда безорилик доирасига киритилиши безориликнинг бу шакли учун МЖтК 183-моддасида жавобгарлик белгиланишига асос бўлади.
  6. ЖК 277-м.даги “баданга енгил шикаст етказиш” жумласидан олдин “соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган” жумласининг киритилиши, 1-қ.даги “ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш” деган жумла билан тўлдирилиши мақсадга мувофиқ.
  7. ЖК 277-моддаси диспозициясининг таҳлили безорилик объектив томонининг қуйидаги: оддий зарурий белги (жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик), мураккаб зарурий белги (уриш-дўппослаш, баданга шикаст етказиш, мулкни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш) белгиларини ажратиш имконини берди. Безориликнинг иккинчи белгисида қонунда кўрсатилган ҳолатлардан бири ёки бир нечтаси бир пайтда мавжуд бўлиши мумкин.

Безориликнинг объектив томонининг оддий ва мураккаб белгилари:

1) жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик уриш-дўппослаш билан боғлиқ ҳолда;

2) жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик туфайли баданга шикаст етказиш;

3) жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик туфайли мулкни нобуд қилиш;

4) жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик оқибатида мулкни нобуд қилиш ва баданга шикаст етказиш;

5) жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимаслик туфайли мулкни нобуд қилиш, уриш-дўппослаш ва баданга шикаст етказиш каби шаклларга ажратилган.

  1. Безориликнинг субъектив томондан тўғри ва эгри қасд билан содир этилиши, безорилик ҳаракатларини содир этаётган шахс кўпчинча келиб чиқадиган оқибатга нисбатан бефарқ муносабатда бўлгани учун (сўровда иштирок этганларнинг 55%) қасднинг ноаниқ тури мавжуд бўлади.
  2. Безорилик мотивига “ҳеч қандай ташқи сабабларсиз ёки арзимаган сабаб туфайли айбдорнинг умум томонидан эътироф этилган қоидаларга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига беписандлигини намойиш қилишга ундовчи ҳис-туйғу (хоҳиш, истак)” деб таъриф берилган.
  3. Миллий қонунчиликда “ёш бола” тушунчасига таъриф берилмаганлиги боис Фуқаролик кодексидаги 14 ёшга тўлмаган шахслар деганда “кичик ёшдаги болалар” тушунилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, ЖК 277-моддасида белгиланган “ёш бола” атамасини “14 ёшга тўлмаган шахс” ибораси билан алмаштиришни таклиф қилинган.
  4. Суд-тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган хатоларнинг олдини олиш учун ЖК 277-моддасидан “хўрлаш” ҳамда “қария” ва “ногирон” тушунчаларини чиқариш тавсия этилган (“қария” ва “ногирон” шахслар, ожиз аҳволда ҳисобланиб, уларни ягона тушунча билан ифодалаш мақсадга мувофиқ).
  5. Амалда икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан безорилик содир этилиш ҳолатлари ҳам учраётганлиги, бундай қилмиш кўпинча такроран безорилик деб квалификация қилинаётганлиги, бу эса ЖК 32-моддасида назарда тутилган қоидага зид эканлигидан келиб чиқиб, 277-моддаси 3-қисмига “икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан” деган бандни киритиш лозим.
  6. ЖК 277-м. 3-қ. “г” бандидан “жамоатчилик вакилига” жумласини чиқариш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган, чунки “безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқаролар” тушунчаси жамоатчилик вакилини ҳам қамраб олади.
  7. ЖК 277-м. 2-қ.да совуқ қуролдан, 3-қ.да ўқотар қуролдан фойдаланиб содир этилган безорилик учун алоҳида-алоҳида жавобгарлик белгиланиши тўғри эмас. ЖК қатор нормаларида “қурол ёки қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган нарсаларнии қўллаб” содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик белгиланиб, ўқотар қурол, совуқ қурол ва қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган бошқа предметларндан фойдаланиб содир этилган жиноятларнинг барчаси ушбу белги бўйича квалификация қилинади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, “қурол ёки қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган нарсаларни қўллаб” содир этилган безорилик учун жавобгарлик ЖК 277-м. 3-қ. “в” б.да белгиланиши мақсадга мувофиқ.
  8. “Ўтакетган беҳаёлик” тушунчасини аниқ мезон асосида ифодалаш мумкин эмаслиги, суд-тергов амалиётида бу каби ҳолатларни баҳолашда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани, МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган майда безорилик ҳам жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш каби қилмишларда ифодаланувчи беҳаёлик билан ҳам содир этилиши мумкинлиги, шунингдек, безориликнинг ўзи беҳаёликнинг ифодаси эканини ҳисобга олиб, бу белгини ЖК 277-моддасидан чиқариш таклиф қиламиз.
  9. Безори шахснинг криминологик тавсифи шахснинг ижтимоий-демографик, жиноят-ҳуқуқий ва маънавий-руҳий белгиларини ўз ичига олади. Ушбу белгилар нафақат безори шахси моҳиятини очиб беради, балки бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш имконини ҳам беради. Бу эса ўз навбатида, безорилик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан таъсирчан профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқишга замин яратади.
  10. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини такомиллаштириш бўйича таклифлар:
  11. “Безорилик мотиви” тушунчасини ЖКнинг 8-бўлими “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси”га киритиш;
  12. Жиноят кодекси 277-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш:

277-модда. “Безорилик”.

“Безорилик, жамоат тартибини қасддан бузиш, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, дўппослаш, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча миқдорда зарар етказиш билан содир этилса.”

  1. Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми “в”, “д” бандларини қуйидаги таҳрирда баён этиш:

в) такроран;

д) 14 ёшга тўлмаган, ожиз аҳволдаги шахсларга нисбатан;

  1. Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “в”, “г” бандларини қуйидаги таҳрирда баён этиш:

а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

б) хавфли рецидивист томонидан;

в) қурол ёки қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган нарсаларни қўллаб;

г) жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса.

III. Суд амалиётини ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар:

Безорилик мотиви билан зўрлик ишлатиб транспорт воситасини олиб қочишда агар безориликнинг бошқа аломатлари мавжуд бўлса (масалан, баданга шикаст етказиш, мулкни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш), қилмиш жиноятлар жами тарзида квалификация қилишини зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги «Транспорт воситаларини олиб қочиш ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 37-сон қарорида бу ҳақда тушунтириш берилиши амалиётда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олди олинишига хизмат қилади.

Нужно индивидуальное решение?

Если у вас есть вопросы вы можете связаться с нами через форму обратной связи.

Чем мы можем помочь?