909, 2021

ЖИЗНЬ И ТВОРЧЕСТВО ХАККАНИ ШИРВАНИ

Рубрики: Актуальные проблемы гуманитарных наук, Востоковедение|Метки: , , , |

Автор(ы): Камола ДЖУМАЕВА

В этой статье дается краткий отчет о жизни и творчестве Хаккани Ширвани, одного из великих мастеров персидской классической литературы, жившего в XII веке.

 

Ижодини қанча ўрганса шунча сирли хазиналарга бой бўлган форсийзабон шоирлардан бири – Хоқоний Ширвонийдир. Шоир форс мумтоз адабиётининг буюк намоёндаларидан бири ва ўзига хос қалам соҳиби. Шоир ўз даврининг пешқадам қасиданависларидан бири бўлган. Эронлик олим Б.Фурузунфар Хоқоний ҳақида шундай дейди: “У шундай шоирки ўзининг буюк истеъдоди, кучли тафаккури, теран салоҳиятини ҳар қандай маънода, бизга таниш ва нотаниш, биз ўрганган ва ўрганмаган мазмунни сўз либосида ифода этиш қобилятига эга эди. Унинг қудратини ҳар бир қасидасидаги теша тегмаган мазмунларни ифодалаши ва турфа маъноларни ўзига бўйсунтира олишидан билиш мумкин”.

Хоқоний номи билан танилган Иброҳим Афзалиддин Озарбайжоннинг Шервон ўлкасида ҳунарманд оиласида дунёга келган. Шоирнинг отаси дурадгор бўлган ва у ўғлини ҳунарманд бўлишини хоҳлаб, унинг таълим тарбиясига оз диққат этган. Аммо бўлғуси шоирнинг амакиси Кофиуддин Умар ибн Усмон таниқли табиб ва олим, жиянинг зеҳни ва ақл-идрокини кўриб уни тарбиясида олади. Жиянига Қуръони карим, фалсафа, риёзат ва ўзи билган барча билимларни ўргатади. 15-16 ёшларида шеър ёзишдаги маҳоратини кўрган амакиси унга Ҳассон ул-ажам тахаллусини беради. Хоқоний араб-форс тили ва адабиётини мукаммал ўрганган. Нодир поэтик истеъдоди соҳибининг довруғи яқин ва узоқ ўлкаларигача етади ва бу уни ширвоншоҳлар саройига келишига замин яратади. Шоирнинг биринчи устози амакиси Кофиуддин Умар ибн Усмон бўлса, иккинчи устози Абулаъло Ганжавий бўлган. Абулаъло ўша даврда Шервон ҳукмдори Манучеҳр ибн Фаридун (1120-1150) саройида “саййид ан-нудамо” (шоҳ надимларининг сардори) лавозимида бўлиб, ёш истеъдод эгасини сарой доирасига киришига кўмаклашди ва уни ўзига куёв қилди. Хоқоний Ширвоншоҳлар саройига кирганида 18 ёшда эди. Ёш истеъдод соҳиби Ширвоншоҳ Манушеҳрнинг хусусий фармони билан ўз даврининг адабий ижтимоий муҳитида энг олий мақом «Хоқоний» тахаллусига муносиб кўрилди. Даставвал, шоир саройга кирганидан хурсанд бўлиб, севиниб, мадҳиялар ёзади. Кейинчалик шоир маънавий оламида — Ширвоншоҳлар саройидан жон сақлаш фикри тинчлик бермасди. Хоқоний Ироқ, Хуросонга боришни хоҳлар, аммо бу орзуни қандай амалга оширишни билмасди. У 25 ёшга етганида устози ва ҳомийси Кофииддин оламдан ўтади. Бу йўқотиш шоирга қаттиқ зарба бўлади ва шундан сўнг шоир ҳаётининг паст-баландликлари бошланади. Тахминан ҳижрий 550-йилда машриқ шоҳларининг саройи ва Хуросонлик устозлар кўриш ниятида Ироққа сафар қилиб, Райгача етди. Шоир бу ерда қаттиқ касал бўлади ва Рай ҳокими сафарни давом эттиришдан тўхтатиб қолди. Натижада Хоқоний мажбур «Ширвон ҳибсхонаси»га қайтди. Бир оз муддат ўтганидан сўнг, Ширвонда бўлган пайтларида ҳаж ва икки Ироқ амирларини кўриш учун Ширвоншоҳдан сафар ижозатини сўраб, Маккаю Мадина зиёратига бағишланган бир неча қасидалар ёзади. Хоқоний Хуросон ва ўз даврида адабиёт маркази ҳисобланган Бағдодга сафар қилади ва бу ерда «Туфатул – Ироқайн» асарини, машҳур девонини ва «Мадинадан хабарлар» қасидасини ёзишга муваффақ бўлди. «Туҳфатул – Ироқайн» асари билан Озарбайжон адабиётида поэманинг тамал тошини қўйди. Сафар ва унинг таассуротларини шеърларидан, айниқса Исфаҳонда кечирган кунларини тараннум этган шеърлар билиш мумкин.

Шоир сафардан қайтганида ҳам ширвоншоҳлар саройидан узилиб қолмаган, аммо Хоқоний ва Ширвоншоҳлар орасида бизга номаълум сабабларга кўра келишмовчилик юзага келади ва ғаразгўйлар иғвоси туфайли шоир иккинчи маротаба зиндонга тушади. Шоир девонидан жой олган машҳур “ҳабсиялари” (зиндонбандлик шеърлари) яратилди. Аммо Масъуд Саъд Салмон ва Фалакий Шервонийлар маҳбусликдаги шеърларида ўз ҳолларидан шикоят қилиб, ҳукмдордан паноҳ тилаган бўлсалар, Хоқоний ҳабсиялари улардан фарқли ўлароқ шикоят ёки мадҳия эмас, балки фахрияга айланади:

Нофайи мушкам ки гар бандам куни дар сад ҳисор,

Суйи жон парвоз жоʻяд тайби жонафзойи ман…

Дояйи ман — ақлу заққа – шаръу маҳд инсоф буд,

Охшижон – уммиҳоту улвиён – обойи ман…

Молик ул-мулки сухан Хоқониям к-аз ганжи нутқ,

Дахли сад хоқон бувад як нуктайи ғарройи ман…

(Мен эрурман мушк, агар юз хил тўсиқдан ҳам ўтиб,

Жон димоғига етурман бўйи жонбахшим билан…

Ақл — доям, шаръ — озуқам, бешигим – инсофдурур,

Тўрт унсур — волидам, олий само — аждодларим…

Сўз мулки молики – Хоқоний эрман, боқсангиз,

Юзта хоқон мулкига тенг битта тенгсиз ташбиҳим…)

Шоирдаги бу журъат, бу даража ўз қадрига ишонч қаердан? Агар Анварий сарой шеъриятини қатъият ила рад этган бўлса, ўткинчи ҳавасларни деб ҳар кимларга мадҳиялар битишдан кескин юз ўгирган бўлса, энди унинг ёш замондоши имонга юз буриш билан мустаҳкам руҳий мадад топган эди. Энди бу маънавий озодлик йўлини на зиндон, на жисмоний азоблар, на моддий қийинчиликлар тўса олмас эди. Шоирнинг озод руҳи юксак парвозларга тайёр. Хоқоний шеърдан, шоирликдан юз ўгираётгани йўқ, балки шеърни, шоирликни фахр деб, улуғ рисолат деб билмоқда. Чунки бу шеър энди бир бурда нон илинжида, кичик бир лавозим умидида ҳомийнинг кўнглини олиш воситаси эмас, балки шоирнинг ақли ва истеъдоди, илми ва имонини, том маънода унинг маънавий қудратини намойиш қилиш қуролидир.

Бир неча мудатдан сўнг, тахминан 569 – йил иккинчи марта ҳажга боради ва 571-йил Ширвонга қайтганида, йигирма ёшли ўғли Рашиддин оламдан ўтди, бу мусибатдан сўнг турмуш ўртоғини ўлими ва бошқа мусибатларга йўлиқади. Шундан сўнг шоир узлатни танҳоликни хоҳлаб, Ширвоншоҳлар саройидан узоқлашди. Ҳаётидаги йўқотишлар шоирни руҳий тушкунликка тушишига ва тарки — дунё қилишига сабаб бўлади. Ахситан, Қизил Арслонлар уни саройга чақирсаларда шоир ҳар сафар турли баҳоналар билан уларнинг таклифини рад этади.

Борлиқ ҳақиқатини маънавият оламидан топган шоир энди миллатнинг ўтмиш хотираларида бугун ва эртанги кун ибратини кўради. Энди унинг учун мамдуҳ ва маддоҳ, ҳомий ва муҳтож йўқ, ҳукмдор ва фуқаро султон ва дарвеш тенг.

Хоқоний, аз ин даргаҳ дарюзайи ибрат кун,

То аз дари ту з-ин пас дарюза кунад хоқон.

Имрўз гар аз султон ринде талабад тўша,

Фардо зи дари ринде тўша талабад султон…

(Хоқоний, бу даргоҳдин ибрат тилаб олгин сен,

То ким эшигинг қоққай бир кун сени ҳам хоқон.

Бул кунда агар дарвеш муҳтож эса султонга,

Султон бўладур муҳтож дарвешга ахир бир он…)

Шоир умрининг сўнги йилларини Табризда ўтказди. Ўша ерда вафод этиб, “шоирлар қабристонида” дафн этилади. Шоир вафотидан сўнг Низомий Ганжавий унга марция ёзади:

به خود گفتم که خاقانی دریغاگوی من باشد

دریغا من شدم آخر دریغاگوی خاقانی

Таржимаси:

Ўзга айтдим Хоқоний қайғугуйим бўлсин деб,

Афсус, мен бўлдим охир унинг қайғугуйи

Хоқоний истиҳора ва ташбеҳ устаси, ўз навбатида шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки ижоди мураккаб шоир. Баъзи ҳолларда сўзларини англаш қийин. Хоқонийнинг услуби Саноийнинг йўналишидан сарчашма олади. Шоир бир муддат Саноийга эргашиб, унинг қасидаларига тақлид қилиб ёзган. Эронлик олим Б.Фурузунфар шундай дейди “шуни таъкидлаш жоизки, ҳеч ким Хоқонийга тақлид қилолмаган. Хоқоний ўзини форсий шеърда – Рудакий, Саноийлардан баланд деб ҳисоблаган ва уларни ўзинг дастурхонидан тўкилган ушоқларни терувчилар деб билган. Аммо буларнинг ҳаммаси шоирона иддаолардир”.

Алишер Навоий Анварий ва Хоқонийни тенг кўради. Агар “Миҳож ун-нажот” қасидасини бир йўла ҳар икки шоирга татаббуъ қилган бўлса, “Ситтайи зарурия” туркумининг

Муаллим ишқу пири ақл шуд тифли дабистонаш,

Фалак дон, баҳри таъдиби вай инак чархи гардонаш —

байти билан бошланувчи охирги, олтинчи қасидаси “Насим ул-хулд” (Жаннат шабадаси) бевосита Хоқонийнинг —

Дили ман пири таълим асту ман тифли забондонаш,

Дами таслим – сари ушру сари зону дабистонаш —

деб бошланувчи қасидасига Амир Хусрав ва Жомийлардан кейинги татаббуъ сифатида ёзилган эди.

Хулоса қилиб айтганда Хоқоний Ширвонийнинг ижоди мураккаб. Хоқоний шеърларига аксарият завқ эгаларининг ошно бўлмаганлигининг сабаби, унинг фикрлари мураккаб ва муболағали деб билишларидан. Кўпчиликнинг шоир девонидан узоқлигининг сабаби ҳам сўзлар ва таъбирнинг ўзига хослиги ва илмий, эстетик тасвир усулига таянганлигидадир. Ҳеч иккиланмай Хоқоний Ширфонийни Эронда исталган ижод жиҳатдан энг улуғ ўринда туради деб айтиш мумкин.

Нужно индивидуальное решение?

Если у вас есть вопросы вы можете связаться с нами через форму обратной связи.

Чем мы можем помочь?