1409, 2021

БЎЛАЖАК ЎҚИТУВЧИЛАРНИ ИЖТИМОИЙ-ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТГА ТАЙЁРЛАШДА “ИЖТИМОИЙ ПЕДАГОГИКА” ФАНИНИНГ ЎРНИ

Рубрики: Педагогические науки, Психология и педагогика: проблемы и решения|Метки: , , , , |

Автор(ы): Наргиза МАМАТХАНОВА

Мазкур мақолада олий таълим муассасаларида бўлажак ўқитувчиларни ижтимоий-педагогик фаолиятга тайёрлашда “Ижтимоий педагогика”фанини ўқитилиши, республикада ушбу ўқув адабиётининг нашр ҳолати, уларнинг афзаллик ва камчиликлари таҳлил қилинган. Жумладан, мазкур ўқув адабиётларида ижтимоий-педагогик фаолиятни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатларига урғунинг берилмаганлиги ихтисослик хусусиятларини ўзида акс эттирувчи ўқув манбаини яратиш каби зарурияти асослаб берилган.

 

 

Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимида “Ижтимоий педагогика” фанининг ўқитилиши йўлга қўйилганлигига ҳали у қадар кўп вақт бўлмаган бўлса-да, бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, фаннинг умумий моҳиятини очиб берувчи Давлат таълим стандарти, ўқув дастурлари ишлаб чиқилди; ўқув адабиётлари тайёрланди.

М.Қуронов, З.Қурбонниёзоваларнинг муаллифликларида тайёрланган “Ижтимоий педагогика” ўқув қўлланмаси республикада чоп этилган дастлабки ўқув нашри ҳисобланади. Ушбу қўлланма айни вақтда олий таълим муассасаларида талабаларга ижтимоий педагогика асослари, ижтимоий-педагогик фаолият мазмуни, тамойиллари ва ташкилий-технологик элементлари тўғрисидаги билимларни беришда муҳим амалий аҳамият касб этмоқда. Қўлланмада “Ижтимоий педагогика” фанини ўқитишдан кўзланган мақсад, фаннинг предмети, ижтимоий-педагогик фаолиятни ташкил этувчи субъектлар, ижтимоий-педагогик фаолият объектлари, шахснинг шаклланишига таъсир этувчи ижтимоий омиллар, ижтимоий педагогнинг таълим муассасаларидаги ўрни ва роли каби масалаларнинг моҳияти очиб берилган. Бироқ, ушбу ўқув қўлланмада ҳам мактабгача таълим муассасаларида ижтимоий-педагогик фаолиятни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатларига урғунинг берилмаганлиги

ихтисослик хусусиятларини ўзида акс эттирувчи ўқув манбаини яратиш заруриятини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида “Ижтимоий педагогика” фанини ўқитишда Н.М.Эгамбердиева, А.В.Мудрик томонидан ҳамда М.А.Галагузова таҳрири остида чоп этилган адабиётлар асосий манба бўлиб келмоқда.

Республикамиз олимларидан Н.М.Эгамбердиева томонидан илк бор “Ижтимоий педагогика” номли дарслик нашр эттирилиб, мазкур тушунчага қуйидагича таъриф берилган: “Ижтимоий педагогика – шахснинг ижтимоийлашуви қонуниятларини ўрганиш, жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ижтимоий педагогик фаолиятнинг самарали методларини ва технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни қўллашга қаратилган педагогика соҳаси”.

Р.А.Мавлонова ва Н.Ҳ.Воҳидоваларнинг қайд этишича Ижтимоий  педагогика – бу ижтимоий таълим-тарбия фаолиятининг махсус методларига эга педагогиканинг мустақил бўлимидир”.

Сўнгги йилларда нашр эттирилган З.Т.Салиеванинг “Ижтимоий педагогика” номли ўқув қўлланмасида мазкур тушунчанинг қуйидаги умумлашган таърифи таклиф этилган: “Ижтимоий педагогика бола ижтимоийлашуви қонуниятларини ўрганадиган, мутахассисларни ижтимоий тарбия ва таълим усуллари ҳамда технологиялар билан таъминлайдиган фан, деб таъриф берсак, ўринли бўлади”.

А.В.Мудрик томонидан тайёрланиб, ўрта махсус таълим учун мўлжалланган “Основы социальной педагогики” (“Ижтимоий педагогика асослари”) дарслиги кириш ва асосий боблар (4 та боб)дан ташкил топган. Боблар остида ёритилган ҳар бир мавзудан кейин мустақил назорат учун саволлар, ҳар бир боб якунида эса мустақил ишлаш учун адабиётлар рўйхати тақдим этилган. Дарслик мазмунига кўра ижтимоийлаштириш, ижтимоий тарбия моҳияти ва таълим муассасаларида (дарсликда “тарбия муассасалари” тушунчаси қўлланилган)   шахсни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш масалаларини ёритишга хизмат қилади. Ундан фойдаланиш жараёнида талабалар шахсни ижтимоийлаштириш омиллари ва ижтимоий тарбия мақсади, вазифалари. омиллари, тамойиллари ҳамда шахс томонидан ижтимоий тажрибани орттириш йўллари тўғрисидаги маълумотларни олиш имкониятига эга бўладилар. Мазкур дарслик ижтимоий-педагогик фаолиятнинг асосий жиҳатларидан умумий тарзда хабардор қилса-да, бироқ, мақсадига кўра мактабгача таълим муассасаларида ижтимоий-педагогик фаолиятни ташкил этиш жараёнининг моҳиятини ёритишга йўналтирилмаган. Бу ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, дарслик айрим хусусиятларига кўра янги авлод дарсликларини яратишга қўйилган талабларга тўла жавоб бера олмайди. Зеро, замонавий дарсликларда мавзуларнинг баёни тасвирлар билан бойитилиши, таълим олувчини мустақил фикрлаш ва таълим олишга ундовчи элементлар билан бойитилиши (мас., жадваллар, тасвирлар яратиш ёки тестларни ечиш кабилар), таянч тушунчаларнинг моҳияти очиб берилиши (мас., луғатлар ёрдамида) ва албатта, хулосанинг бўлиши мақсадга мувофиқдир.

М.А.Галагузованинг умумий таҳрири остида чоп этилган “Социальная педагогика. Курс лекций” (“Ижтимоий педагогика. Маърузалар курси”) ўқув қўлланмаси олий таълим муассасаларининг талабалари учун мўлжалланган. Қўлланманинг муҳим ютуғи унинг янги авлод дарсликларини яратишга қўйилувчи талабларга мувофиқ яратилганлигидадир. Бу ҳолатни унинг мундарижаси билан танишиш чоғидаёқ англаш мумкин. Ўқув қўлланманинг мундарижаси  кириш сўзи, 21 та маърузани ўз ичига олувчи асосий боблар, таркибига “Ижтимоий педагогика” курсининг дастури ҳамда 100 соатга мўлжалланган ўқув-мавзуий режани олган семинар ва амалий машғулотлар, семинар ва амалий машғулотларнинг режалари, курс ишларининг намунавий мавзулари, курс имтиҳонларининг саволлари, адабиётлар рўйхатидан иборат. Қўлланмада ҳар бир маъруза мавзу баёни, ўз-ўзини назорат учун саволлар ҳамда фойдаланиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати каби таркибий элементлардан ташкил топган.

Семинар ва амалий машғулотлар режаларини беришда ўзига хос ёндашилганлиги ўқув қўлланмасининг амалий қийматини янада оширган. Мавзулар бўйича режаларни ёритишда самарали методика тавсия этилган бўлиб, унда қуйидагилар акс этади: 1) таянч тушунчаларнинг шарҳи; 2) амалий машғулотларнинг асосий шакллари сифатида тавсия этилган семинарларнинг режалари ёки семинар-баҳслар учун саволлар, муаммоли саволлар; 3) адабиётлар рўйхати; 4) рефератлар учун мавзулар.

Педагогик олий таълим муассасаларида талабаларни ижтимоий-педагогик фаолиятга тайёрлашда В.И.Курбатовнинг умумий таҳрири остида чоп этилган “Социальная работа” (“Ижтимоий иш (фаолият)” номли ўқув қўлланмасидан ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Ўқув қўлланмасининг тузилмаси қуйидагилардан таркибий элементларни ўз ичига олади: кириш сўзи, асосий боблар (жами 7 боб), адабиётлар рўйхати, ижтимоий ходимнинг луғат-маълумотномаси. Қўлланманинг асосий ютуғини унда адабиётлар рўйхати умумий тарзда эмас, балки ҳар бир боб учун алоҳида-алоҳида тавсия қилинганлиги, таянч тушунчаларнинг алоҳида ажратиб кўрсатилганлиги ҳамда луғат-маълумотноманинг илова қилинганлиги билан белгилаш мумкин. Бироқ, бу ўринда ўқув қўлланмасининг янги авлод дарсликларига қўйилган талабларга мувофиқ яратилмаганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим. Асосий бобларда мавзулар (жами 39 та мавзу) бўйича маълумотларнинг оддий баён усулида берилганлиги; мавзу баёнининг турли расмлар, тасвирлар, схемалар ёки жадваллар билан бойитилмаганлиги; назорат саволларининг илова қилинмаганлиги; шунингдек, талабаларни мустақил ўқишга ундовчи кўрсатмаларнинг қайд қилинмаганлиги эса қўлланманинг талабаларда фан асосларини ўзлаштиришга нисбатан қизиқиш ва ўқиш фаоллигини юзага келтиришдаги имкониятларини сезиларли равишда пасайтиради.

И.П.Подласыйнинг “Педагогика” дарслигида қуйидагича таъриф мавжуд: “Ижтимоий  педагогика ижтимоий муҳитнинг шахсни шакллантиришга ва ижтимоий тарбия муаммоларига таъсири қонуниятларини ўрганувчи фандир.

“Ижтимоий педагогика” фани бўйича нашр этилган ўқув адабиётларининг таҳлили соҳага оид манбаларининг камлиги, аксарият адабиётларнинг рус тилида эканлигини келтириб чиқарди.

Гарчи олий таълим муассасаларида талабаларни ижтимоий-педагогик фаолиятга тайёрлаш йўлида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, бироқ ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам мавжудлигини кўрсатади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ҳаёти, тараққиёт йўналиши ҳамда минтақанинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда “Ижтимоий педагогика” фани бўйича замонавий, хусусан, янги авлод дарсликларига қўйилган талабларга тўла жавоб бера оладиган, шунингдек, таълим олувчиларга мустақил таълим олиш имконини берадиган янги авлод дарсликларини яратиш; талабаларни ижтимоий-педагогик фаолиятга тайёрлашда ижтимоий ташкилотлар (ички ишлар органлари, прокуратуралар қошидаги “Вояга етмаганлар билан ишлаш Комиссияси”, соғлиқни сақлаш, физиологик ёки психологик нуқсонга эга болаларни қайта тиклаш, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва ахлоқ тузатиш муассасалари, болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби вазифаларни ҳал этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Нужно индивидуальное решение?

Если у вас есть вопросы вы можете связаться с нами через форму обратной связи.

Чем мы можем помочь?