ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ЁШЛАР ТАШКИЛОТЛАРИДА ХОДИМЛАРНИ БОШҚАРИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЁНДОШУВЛАРИ

2021-09-17T13:21:44+03:00
Адхамжон УСМОНОВ
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти таянч докторанти
Ключевые слова:
Аннотация:

Жаҳон мамлакатларида ходимларни бошқариш жараёни барча давлат ва нодавлат корхоналари қатори ёшлар ташкилотларида ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки малакали ходимларга муносиб ҳақ тўламаслик ва мотивация қилмаслик натижасида ташкилотда ушлаб туриш имконияти йўқолади. Шу сабабли бугунги кунда ходимларни бошқарув жараёнига менежерлар томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижий давлатлар ёшлар ташкилотларида ходимларни бошқариш жараёнини тадқиқ қилишда АҚШ, Япония, Франция, Япония, Буюк Британия ва Германия Федератив Республикаларининг ўзига хос тажрибаларини ўрганиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, АҚШда ёшлар ташкилотлари тижорат ва нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритади. Улар бирор бир давлат тузилмасига кирмайди ва ёшлар сиёсатини олиб боришда ўз фаолият доирасини мустақил равишда белгилайди. Кўплаб ёшлар ташкилотлари скаут, сиёсий ва диний ҳаракатлар сифатида ўзларининг алоҳида мафкураларига эга[1. 68-69].

АҚШда ҳозирги кунда 64 та йирик нодавлат тижорат ва нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, улар ҳам ўз навбатида фаолият йўналишларидан келиб чиқиб ҳудудий ва маҳаллий филиалларига эга. Жумладан, Америка Болалар скаутлари (Boy Scouts of America‎) 87 та, АҚШ Қизлар скаутлари (Girl Scouts of the USA‎) 26 та, 4-H ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин[2]. Улар ичида энг йириги, ўзининг 6,5 миллион аъзосига эга 4-H ёшлар ташкилотидир. Ушбу ташкилот инглиз тилида 4 та “H” ҳарфи билан бошланувчи head-бош, heart-юрак, hands-қўллар ва health-соғлик сўзларининг бош ҳарфидан ташкил топган.
4-H ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиб, ҳар бир штат ва ҳудудда Land-grant университетлари тизими орқали бошқариладиган федерал ҳукумат дастурлари мавжуд. Ташкилотнинг таъсисчиси АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

ҳисобланади. Асосий мақсади Ёшларни ривожлантириш соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали ёшларнинг ўз қобилиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат[3].

Ушбу ташкилотнинг молиялаштириш манбалари АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ажратиладиган субсидия ва грант маблағлари ҳисобига шакллантирилади. Шунингдек, хайрия акциялари, ёшларнинг ўқув ва дам олиш дастурларидан тушган маблағлар эвазига иқтисодий жиҳатдан таъминланиб боради. Ушбу ташкилотда асосий ходимларига қўйиладиган талаблар ёшлар билан ишлаш кўникмасига эга, ёшларни севувчи ва уларга ғамхўрлик қилишга қодир бўлган профессионал малакага эга бўлиш керак.

Шунингдек, АҚШда ёшлар ташкилотида фаолият юритувчи ва кўплаб корхоналардаги ходимларга ҳақ тўлаш ва мотивация тизими қуйидагича амалга оширилади:

  1. Ходимга ишлаган соатлари учун ҳақ тўланиб, ишини тўлиқ бажарганлиги муҳим эмас;
  2. Агар иш ҳақи минимал бўлса, улар қонун билан тартибга солинади;
  3. Агар ходимларга иш ҳақини тўлаш ўртача даражада бўлса, компания ушбу географик минтақадаги бошқа компаниялар ходимлари олган иш ҳақидан кам бўлмаслигини таъминлаши керак;
  4. Иш ҳақи даражаси, биринчи навбатда, ходимнинг малакасига ва ушбу ҳудудда яшаш учун харид қобилияти даражасига боғлиқ;
  5. Ходимларни аттестациядан ўтказиш ҳар йили амалга оширилади. Агар ходим ўз ишини яхши бажарса, даромаднинг ўсиши ҳар йили кузатилади. Бошлиқ ўз қўл остидаги ходимларининг фаолият натижалари юзасидан ойликни ошириш тўғрисидаги қарорни қабул қилувчи ваколатли раҳбарга юборади;
  6. Одатда ходимларнинг иш ҳақи ўта махфий (фақат иш берувчига ва ходимнинг ўзига маълум бўлиши меҳнат шартномасида кўрсатилган), асосан индивидуал берилади;
  7. Бонуслар фақат компания раҳбариятига тўланади. Бундай тизим жуда қулай – ходимлар ўзларининг ишларига ижобий таъсир кўрсатадиган лавозимга кўтарилишга интилишади. Лавозимда ўсиш учун эса соҳага оид турли тренингларда ўз маҳоратларини оширишлари керак бўлади.
  8. Аксарият Америка компанияларидаги иш ҳақи Америка ходимларини бошқариш тизимининг камчиликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тўлов иш ҳажмига боғлиқ эмас, шунинг учун у ходимларнинг иш фаолиятини заифлаштиради. Шунга қарамай, АҚШда иш ҳақи ошиши мумкин, аммо деярли умуман пасаймайди[4].

Тадқиқот объекти нуқтаи назаридан ёндошадиган бўлсак, Японияда Ёшлар ташкилотлари миллий кенгаши мавжуд бўлиб, ушбу Кенгаш
1951 йилда уюшган ёшлар ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Кенгаш Япониянинг умуммиллий ёшлар ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб, унинг таркибида 24 та ёшлар ташкилоти мавжуд. Шунингдек, Японияда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, ёшларни баркамол авлод бўлиб етишишлари учун шароит яратиш ва соғлигини муҳофаза қилиш

мақсадида Ёшлар марказлари ташкил этилган. Ушбу марказлар кўнгиллилар ҳисобига шакллантирилиб, асосан ўқувчиларнинг мактабдан қайтишлари ва тунги вақтларда полиция билан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини олиб боришда ўз фаолиятини намоён этади[1. 71].

Мамлакатда Миллий таълим, спорт ва ёшлар вазирлиги фаолият юритиб келмоқда. Қайд этиш лозимки, француз ёшларининг хорижий давлатларда ишлаши ва малака оширишини таъминлаш мазкур вазирликнинг устувор вазифалари қаторида туради. Вазирлик веб сайтида махсус портал мавжуд бўлиб, ёшларни хорижий давлатларга кафолатланган ишларга жойлашишларида, ўқишга ва ҳатто волонтёрлик учун кетишларига кўмаклашади.

Франция Халқаро бирдамлик ва таълим ёшлар ассоциацияси француз ёшларининг хорижий мамлакатлардаги тенгқурлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг касбий кўникма ошириш, ўзаро маданий ва таълим алмашинувини ташкил қилиш, йигит-қизларнинг профессионал малакасини ошириш, уларнинг турли давлатлар ҳақидаги тасаввурларини бойитишга йўналтирилган фаолият билан шуғулланади.

Буюк Британияда Ёшлар билан ишлаш вазирлиги мавжуд бўлиб,
2000 йилдан бошлаб Таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Болалар ва ёшлар ишлари вазирликлари қўмитаси ташкил қилинган. Ушбу қўмита Бирлашган қиролликдаги ёшлар сиёсатини амалга оширилишини мувофиқлаштиради. Лекин 2013 йилдан бошлаб ёшлар сиёсати ва стратегияси билан ишлаш ваколати Британия Вазирлар Маҳкамаси (Cabinet Office)га ўтказилган. Бунинг асосий сабаби ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва ёшлар секторини қўллаб-қувватлаб, ёшларга оид давлат сиёсати ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда таъсирчанлигини оширишдан иборат бўлган[5].

Шунингдек, Буюк Британияда “Бирлашган қироллик ёшлари” (“UK Youth”) йирик хайрия ташкилоти мавжуд бўлиб, 39 та ҳудудий ассоциацияларига эга. Ташкилотнинг молиявий манбалари хайрия маблағлари ва давлат томонидан ажратиладиган грант, субсидия ва ижтимоий ажратмалар ҳисобига шакллантирилади. Ташкилотнинг асосий фаолияти ёшлар дастурларини ишлаб чиқиш, ёшларни ҳаётда ўз ўрни ва позицияларига эга бўлишлари ҳамда ёшлар секторини мустаҳкамланиши учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат[6].

Германияда Оила, қариялар, аёллар ва ёшлар бўйича федерал вазирлик мавжуд бўлиб, ушбу ташкилот ёшларга оид давлат сиёсатини мувофиқлаштиради. Вазирлик Европанинг ёшлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади ва мутахассисларга ёшлар соҳасидаги вазиятни ўрганишга кўрсатма беради ва тегишли илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Германия Федерал Ёшлар Кенгаши (Deutscher Bundesjugendring, DBJR) мавжуд бўлиб, 26 та ёшлар ташкилотларини, Германия ерларининг 16 та ёшлар кенгашини ва 5 та аффилланган ташкилотни бирлаштирган. Кенгаш комиссиялар ва ишчи гуруҳларда қатнашади, қонунчиликка оид баёнотлар ва ёшлар тўғрисидаги миллий маърузаларни тайёрлайди. Ёшлар билан ишлаш ва ёшлар сиёсатига оид аниқ масалалар бўйича жамоат идораларини ташкил қилади.

Германия ерларининг 16 та ёшлар кенгаши (Landesjugendringe) минтақавий даражада фаол бўлган ёшлар ташкилотлари бирлашмаларидир. Улар
5 миллиондан ортиқ аъзоларидан иборат бўлган ёшлар ташкилотларидан тузилган. Ушбу бирлашмада маънавият, касаба уюшмалари, гуманитар, ижтимоий, экологик ва анъанавий таълим ривожлантиришга қаратилган ташкилотлар мавжуд[1. 65].

Библиографические ссылки:
1. Молодежь России 2000-2025: Развитие человеческого капитала. Доклад подготовлен специалистами Российской академии народного хозяйства и государственной службы при Президент Российской Федерации (РАНХиГС) по заказу Федерального агентства по делам молодежи в 2013 г. (на правах рукописи). С.177

2. https://en.wikipedia.org/wiki/Category:Youth_organizations_based_in_ the_United_States

3. www.4-h.org ташкилот расмий веб саҳифаси маъломотлари.

4. Американская система управления персоналом: каковы главные плюсы? [Электронный ресурс] URL: https://opersonale.ru/upravlenie-personalom/upravlenie-personalom-upravlenie-personalom/amerikanskaya-sistema-upravleniya-personalom-kakovy-glavnye-plyusy.html (дата обращения: 05.03.2020)

5. Cabinet Office to take on responsibility for cross-government youth policy. https://www.gov.uk/government/news/cabinet-office-to-take-on-responsibility-for-cross-government-youth-policy

6. https://www.ukyouth.org/about-us.
Опубликован
17, 09, 2021
Просмотров: 0
Как цитировать
Адхамжон УСМОНОВ (2021). ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ЁШЛАР ТАШКИЛОТЛАРИДА ХОДИМЛАРНИ БОШҚАРИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЁНДОШУВЛАРИ. Региональные вызовы экономической трансформации и перспективы развития. Экономические науки.
Рубрика
Экономические науки
Конференция
Региональные вызовы экономической трансформации и перспективы развития
Лицензия
Copyright (c) 2021 Адхамжон УСМОНОВ
creativecommons
Это произведение доступно по
лицензии Creative Commons «Attribution» («Атрибуция») 4.0 Всемирная.
Article on Google Scholar

Поделитесь Этой Историей, Выберите Свою Платформу!