ТЕОРЕТИЧЕСКИЙ АНАЛИЗ КОНЦЕПЦИИ ПРЕСТУПНОСТИ НЕСОВЕРШЕННОЛЕТНИХ

2021-09-09T09:13:54+03:00
Улфат ШОНАЗАРОВ
преподаватель, кафедра Государственно-правовые дисциплины, Специализированный филиал Ташкентского государственного юридического университета, Ташкент, Узбекистан
Ключевые слова:
Аннотация:

Автором проводится теоретический анализ концепции правонарушений среди несовершеннолетних, в котором сравниваются различные теоретические взгляды специалистов в этой сферы. Также были изучены понятие “правонарушения” в нормативно-правовые актах, регулирующие эти отношения.

Давлатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан бошлаб то бугунга қадар барча жабҳаларда турли ислоҳотлар амалга оширилди ва бу ислоҳотлар бевосита қонунчиликда ўз аксини топди. Жумладан, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари профилактикасига оид ҳам бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сирасига Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги  ва Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ги, 2016 йил 16 сентябрдаги “Ички ишлари органлари тўғрисида” ги Қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини киритишимиз мумкин.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшлар учун яратиб берилган бир қатор имкониятларга қарамай, улар ва уюшмаган ёшлар ўртасидаги содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар масаласи кенг жамоатчликни жиддий ташвишга солмоқда.

Аввало, “ҳуқуқбузарлик” тушунчасига тўхталадиган бўлсак, мазкур тушунчанинг мазмуни бўйича қатор мунозарали ёндашувлар илгари сурилган.

Бу масала бўйича биринчи ёндашув муаллифлар (И.Исмаилов ва М.З.Зиёдуллаев[1], Б.Х.Пўлатов[2])нинг фикрига кўра, ҳуқуқбузарлик деганда, маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, айбли, ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) тушунилади.

Фикримизча, ушбу ёндашувда ҳуқуқбузарлик тушунчасининг мазмуни тор ифодаланган, яъни фақат маъмурий ҳуқуқбузарликни қамраб олган.

Иккинчи ёндашувга доир тушунча борасида юридик энциклопедияга мурожаат этамиз.

Юридик энциклопедияга таъкидланишича, ҳуқуқбузарлик – жамиятда ўрнатилган ва қонун асосида белгиланган тартиб ёки умуман ижтимоий яшаш қоидаларини бузиш ҳисобланиб, у жиноят, ножўя ҳаракат, интизомни бузиш шаклида бўлади, кўп ҳолларда қонунбузарлик сўзи билан ҳамоҳанг баён этилади[3].

Айрим муаллифлар (М.Ю.Кержнер, Ғ.Т.Абдуллаходжаев[4]) ҳам ҳуқуқбузарлик тушунчаси жиноят, ножўя хатти-ҳаракат, интизомни бузиш кабиларни ўз ичига олади, деб ҳисоблайди.

Бизнингча, ушбу ёндашувда ҳуқуқбузарлик тушунчасининг мазмуни ниҳоятда кенг талқин этилган. Бу эса, ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларини асоссиз равишда ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланишига олиб келади.

Учинчи ёндашув эса, Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, ҳуқуқбузарлик – содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган, айбли, ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)дир (3-моддаси).

Қиёсий-ҳуқуқий таҳлил шундан далолат берадики, ўрганилган хорижий давлатлар қонунчилигида ҳуқуқбузарлик тушунчасига берилган таърифлар миллий қонунчиликдаги таърифга мазмунан мос келади.

Жумладан, ҳуқуқбузарлик тушунчаси Россия Федерациясининг «Россия Федерациясида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг асослари тўғрисида»ги 2016 йил 23 июндаги Федерал қонунида «маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлувчи ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат, ҳаракатсизлик) маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят» (2-моддаси); Беларусь Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятнинг асослари тўғрисида”ги 2014 йил 4 январдаги қонунида «содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган, айбли, ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)» (1-моддаси) сифатида таърифланган.

Аҳамият бериш жоизки, ҳуқуқбузарлик тушунчасини таърифлашда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси қонунларида ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) тушунчаси, Беларусь Республикаси қонунида ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик) тушунчаси қўлланилган.

Ўйлашимизча, Беларусь Республикаси қонунидаги ушбу ёндашув қўллаб-қувватланишга лойиқдир. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, қилмиш тушунчаси «қилинган иш», «ножўя иш», «ҳаракат», «фаолият» маъноларини англатади[5]. Шунга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, қилмиш фақат механик ҳаракатда ифодаланади. Ҳаракатсизликни қилмиш сифатида баҳолаш мунозаралидир.

Ўтказилган таҳлилларни умумлаштириб, шундай хулосага келиш мумкин: ҳуқуқбузарлик деганда, содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган, айбли, ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Ҳуқуқбузарлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноятни ўз ичига қамраб олади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 10-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси)нинг 1-қисмига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда, қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Ушбу модданинг 2-қисмида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик, башарти бу ҳуқуқбузарлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда, амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 14-моддаси (жиноят тушунчаси)нинг 1-қисмига кўра, ушбу Кодекс билан тақиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади.

Ушбу модданинг 2-қисмида Жиноят кодекси билан қўриқланадиган объектларга зарар етказадиган ёки шундай зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарадиган қилмиш ижтимоий хавфли қилмиш деб топилиши белгиланган.

Жиноят кодексининг 2-моддасида унинг асосий вазифаларидан бири– шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш эканлиги мустаҳкамланган.

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси – вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидан иборат бўлиб, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларига тўхталиб ўтамиз.

Ҳуқуқбузарлик ижтимоий маънода жамият, фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига хавф туғдиришга қодир хулқ бўлиб, у ижтимоий муносабатларнинг ривожланишини қийинлаштиради ва уларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ҳуқуқбузарлик қасд ёки эҳтиётсизлик кўринишида бўладиган, ҳуқуқ қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида жамият, давлат ва фуқаролар (шахслар) манфаатларига етказиладиган моддий ва маънавий зарар ёки хавфли ҳаракат ва ҳаракатсизлиқдир.

Ҳуқуқбузарлик – ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга субъект томонидан содир этиладиган, ҳуқуқ нормалари талабларига зид кeлувчи ҳамда шахсга, мулкка, давлатга ва бутун жамиятга зарар кeлтирувчи ижтимоий хавфли қилмишдир.

Ҳуқуқбузарликнинг асосий бeлгилари қуйидагалардан иборат:

1) ҳуқуқбузарлик жамият ва шахс учун ижтимоий хавфли характeрга эга;

2) ҳуқуқбузарлик ҳуқуққа қарши характeрга эга;

3) ҳуқуқбузарлик – айбли қилмишдир;

4) ҳуқуқбузарлик фақат кишилар томонидан содир қилинади;

5) ҳуқуқбузарлик кишиларнинг эрки ва онгига боғлиқ бўлган ҳолда, улар томонидан ихтиёрий амалга оширилади ва ҳоказо.

Ҳуқуқбузарлик юридик факт бўлиб ҳисобланади, у ўз навбатида қўриқловчи характeрга эга бўлган ҳуқуқий муносабатларни юзага кeлтиради. Ҳуқуқбузарликнинг таркиби муайян ҳуқуқ нормаларини шарҳлашда, унинг мазмунини очиб бeришда ҳамда дунёқараш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир. У ўз ичига тўртта унсурни қамраб олади: объект, субъект, объектив томон ва субъектив томони ўз ичига олади.

Библиографические ссылки:
1. Исмаилов И., Зиёдуллаев М.З. Ички ишлар органлари таянч пунктларида профилактика инспекторларининг фаолияти ва ҳамкорлигини ташкил этиш: Ўқув-амалий қўлланма. - Т.: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2017. ‒ Б.130 (254);

2. Пўлатов Б.Х. Бола ҳуқуқлари жамият ва давлат ҳимоясида, унинг истиқболлари // «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар: Республика илмий-амалий конференцияси материаллари. – Т.: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2011. – Б.28 (336)

3. Юридик энциклопедия / Юридик фанлар доктори, профессор У. Таджихановнинг умумий таҳририда. ‒ Т.: «Шарқ»,‒ 2001.‒ Б.656.

4. Криминология: Дарслик / З.С. Зарипов, А.С. Якубов, Г.А. Аванесов ва бошқ. Проф. З.С. Зарипов таҳрири остида. ‒ Т.: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2006. ‒ Б.166 (539).

5. Ўзбек тилининг изоҳли луғати / А. Мадвалиев таҳрири остида. Бешинчи жилд.  Т.: 2008,  Б.291.
Опубликован
9, 09, 2021
Просмотров: 0
Как цитировать
Улфат ШОНАЗАРОВ (2021). ТЕОРЕТИЧЕСКИЙ АНАЛИЗ КОНЦЕПЦИИ ПРЕСТУПНОСТИ НЕСОВЕРШЕННОЛЕТНИХ. Актуальные проблемы гуманитарных наук. Юридические науки.
Рубрика
Юридические науки
Конференция
Актуальные проблемы гуманитарных наук
Лицензия
Copyright (c) 2021 Улфат ШОНАЗАРОВ
creativecommons
Это произведение доступно по
лицензии Creative Commons «Attribution» («Атрибуция») 4.0 Всемирная.
Article on Google Scholar

Поделитесь Этой Историей, Выберите Свою Платформу!